Президент ҳузурида Туркия ва Саудия Арабистони билан иқтисодий ҳамкорлик режалари кўриб чиқилди. Биринчи давлат билан тўқимачилик, чарм ва электротехника маҳсулотларига божларни пасайтириш, иккинчиси билан транспорт, рақамлаштириш ва энергетика соҳаларидаги лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган.
Шавкат Мирзиёев Ғарб давлатларининг Фаластин фожиасига муносабати қаттиқ хавотирга солаётганини таъкидлади. «Амалда иккиёқлама стандартлар кузатилмоқда. Демократия ва инсон ҳуқуқларини кенг тарғиб қилган давлатлар бу қотилликларга кўз юммоқда», — деди президент.
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдоған Шавкат Мирзиёевни мамлакатнинг олий давлат мукофоти — «Туркия Республикаси нишони» билан тақдирлади.
Анқара шаҳридаги Ўзбекистон-Туркия Стратегик ҳамкорлик кенгаши йиғилиши якунида президентлар Кенг қамровли стратегик шерикликни чуқурлаштириш тўғрисида қўшма декларацияни имзолади. Бундан ташқари, яна 19 та ҳужжат имзоланди.
Пекинда Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темирйўли қурилиши бўйича стратегик лойиҳани амалга ошириш тўғрисидаги битим имзоланди. «Бу мамлакатларимиз ўртасида қарор топган анъанавий яқин ва кўп қиррали ҳамкорлик ривожидаги чинакам тарихий воқеадир», — деди Шавкат Мирзиёев иштирокчиларни табриклаб.
Ўзбекистон ва Туркия президентлари ҳукуматлар олдига товар айирбошлаш ҳажмини 5 млрд долларга етказиш вазифасини қўйди, шунингдек, қишлоқ хўжалиги, сув ресурсларини бошқариш ва рақамлаштириш, хавфсизлик ва мудофаа соҳаларида ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олди.
Туркия пойтахти Анқарада Ўзбекистон раҳбарини расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Шундан сўнг Шавкат Мирзиёев ва Ражаб Тоййиб Эрдоғаннинг тор доирадаги музокаралари бошланди. Фото.
Президент Анқара шаҳридаги Turkish Aerospace Industries компанияси фаолияти билан танишди. У 2023 йилда дунёдаги энг йирик 100 та мудофаа компанияси рўйхатига кирган. У ерда қурол-яроғ ва ҳарбий техника ишлаб чиқарувчи корхоналар ҳамда авиация парвозлари намойиши ҳам ўтказилди. Фото.
Президент расмий ташриф билан Туркияга учиб кетди. Давлат раҳбари Анқарада Стратегик ҳамкорлик кенгашининг учинчи йиғилишида иштирок этади.
Шавкат Мирзиёев Макка шаҳрида бўлиб турган Мусулмонлар идораси раиси Нуриддин Холиқназар билан телефонда мулоқот қилди. У муфтийдан фуқароларнинг шароити, саломатлиги ва кайфияти ҳақида сўради, Ўзбекистонга қайтгач, «ҳожилар ёшлар тарбияси ва оилалар тотувлигида ибрат бўлишларига» умид билдирди.
Бухоро ҳудудини 3831 гектарга кенгайтириш режалаштирилмоқда. Шаҳарда «Янги Ўзбекистон» массиви ва «жуда баланд бўлмаган стела»ли истироҳат боғи, тарихий обидалар макетлари, рақамли панорама ва бошқа объектлар қурилади. Президентга шаҳарни 2045 йилгача ривожлантириш концепцияси тақдим этилди.
Бухоро вилоятида 226 млн доллар эвазига янги аэропорт қурилади, аввалроқ мавжуд аэропортнинг ўзида янги терминал қуриш кўзда тутилганди. Президентнинг таъкидлашича, ҳозирги ҳаво бандаргоҳи «сайёҳлар оқимини икки баравар ошириш режаси учун кичиклик қилмоқда».
Шавкат Мирзиёев туризм соҳасидаги тадбиркорлар билан мулоқот ўтказди. Президент туроператорларни молиявий қўллаб-қувватлаш, ҚҚСни субсидия шаклида қайтариш муддатини узайтириш, пенсиядаги сайёҳлар учун алоҳида виза режимини жорий этиш бўйича топшириқлар берди ва бошқа масалаларни муҳокама қилди.
Президент Шаҳрисабз шаҳри ва туманида туризм кластери ташкил этишни буюрди. Бу учун 240 млрд сўмга йўлларни таъмирлаш, 115 миллиард сўмга Ғелон қишлоғида инфратузилма яратиш режалаштирилган. У ерда 3000 гектар майдонда тоғ-чанғи курорти қурилиши бошланди.
Шавкат Мирзиёев 6 июнь куни Туркияга расмий ташриф билан боради. У ерда Стратегик ҳамкорлик кенгашининг учинчи йиғилиши ва икки мамлакат етакчи компаниялари раҳбарларининг биринчи қўшма учрашувини ўтказиш режалаштирилган.
Туризм масалаларига бағишланган йиғилишда президент темирйўл ва авиачипталарни камида олти ой олдин сотувга чиқаришни топширди. Шунингдек, чет эллик ижрочилар концертларини ўтказишга қўйиладиган талабларни қайта кўриб чиқиш ва қўшни давлатлар билан чегарадан ўтиш жараёнини осонлаштириш буюрилди.
Жума куни Шавкат Мирзиёев Бухоро вилоятига боради. Ташрифда лойиҳалар билан танишиш, янги объектларни ишга тушириш ва вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш юзасидан йиғилиш ўтказиш режа қилинмоқда.
«Асакабанк» бизнесни қўллаб-қувватлаш учун 2024 йилда 2,1 млрд доллар жалб қилишни, «Бизнесни ривожлантириш банки» эса инвестиция лойиҳаларига 1,5 млрд доллар ажратишни режа қилмоқда. Банк фақат кредит берадиган марказ эмас, замонавий инвестиция-тижорат тузилмаси бўлиши керак, деди президент.
Ўзбекистон ва Россия президентлари музокаралар ҳамда ҳудудлар кенгаши йиғилишидан сўнг тонгги соат учгача мулоқотни давом эттирди, дея маълум қилди Ўзбекистон раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадов. Кремль вакили Дмитрий Песков Шавкат Мирзиёев россиялик ҳамкасбини уйига таклиф қилганини билдирди.
Тошкентда президентлар раислигида Ўзбекистон ва РФ ҳудудлари кенгашининг биринчи мажлиси бўлиб ўтди. Шавкат Мирзиёев «ҳудудлар ўртасидаги ҳамкорлик салоҳияти ва имкониятларининг ярмидан ҳам фойдаланилмаётганини» қайд этиб, ҳудудлараро ҳамкорликнинг олтита устувор йўналишини белгилаб берди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг